Бугун “права”ни янгисига алмаштириш муддати якунланади

Эртадан бошлаб 2010 йилгача олинган эски ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Бугун 2010 йилгача олинган эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш муддати якунига етади. Эртадан бошлаб бундай ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Шу йилнинг 28 март ҳолатига ДХМлар орқали эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштирилганлар сони — 92 660 ташкил қилди.

“Шу кунларда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш учун келувчилар сони кўпайган. Ходимлар сўнгги мижозга қадар ишлашмоқда. Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида ифторлик учун ҳам шароитлар яратилган”, - деб ёзади Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева.

Эслатиб ўтамиз, “права”ни уйдан чиқмай алмаштириш мумкин. Бунинг учун ҳайдовчилик гувоҳномасига my.gov.uz орқали буюртма бериш керак.
Буюртмада:
бўш қаторларни шахсий маълумотларингиз билан тўлдирасиз;
тегишли бандлар танланади;
янги ҳайдовчилик гувоҳномаси етказиб бериладиган манзил кўрсатилади;
мобил телефон ёки компьютер орқали шахсий имзо қўйилади;
Сўнгги қадамда БҲМнинг 70 фоизи (210 минг сўм) миқдорида ҳамда почта хизмати учун 25 минг сўм тўлов амалга оширилади.
Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси 2 кунда почта орқали етказилади. Почта ходими сиздан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талонни қайтариб олади.
Шундай экан, эски намунадаги гувоҳнома билан транспорт бошқариш 300 минг сўм жаримага сабаб бўлади.
“Права”ни алмаштириш мумкин бўлган ДХМлар рўйхати.