ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Беларусь президенти Александр Лукашенко Украинадаги жанговар ҳаракатларни тўхтатишга ва сулҳ эълон қилишга чақирди.
“Кескинлик бошланмасдан, ҳозир тўхташ керак. Мен таваккал қилган ҳолда жанговар ҳаракатларни тўхтатишни таклиф қиламан. Техникани бир жойдан бошқа жойга кўчириш ва қўшинларни қайта гуруҳлаш ҳуқуқисиз”, - деди Лукашенко Беларусь халқи ва парламентига йўллаётган мурожаатномаси чоғида.
Унинг сўзларига кўра, агар Ғарб сулҳдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринса, Россия можаро кескинлашининг олдини олиш учун бутун ҳарбий-саноат мажмуаси ва армияси қудратидан фойдаланиши шарт.
Лукашенко можарони тўхтатишнинг ягона усули дастлабки шартлар қўйилмаган музокаралар эканини таъкидлади.
Шу билан бирга сиёсатчи Украина президенти Владимир Зеленский хатти-ҳаракатларидан ғазабланган.
“Бу нима дегани? Суверен мамлакат президенти айнан унга тааллуқли ва унга сулҳ борасида музокаралар ўтказишни тақиқловчи фармонни имзолайди. Бу шунчаки кулгули – сизга президент сифатида айтяпман. Музокаралар олиб боришни истамасанг, олиб борма, нега бу фармонни имзолайсан ва одамлар кулгусига қоласан? Сен бу билан нимани намойиш этмоқчисан?”, - дея савол билан юзланган Беларусь раҳбари.
Қайд этиш жоизки, Москва бир неча бор музокараларга тайёрлигини билдирган, бироқ Киев режими қонунан музокаралар ўтказишни тақиқлаб қўйган. Шу билан бирга Кремль сулҳ битими янги минтақаларнинг Россия таркибига кирганини инобатга олиши шартлигини таъкидлаган. Россия президенти Владимир Путин, Киев ҳукумати бу учун тайёр бўлса, Москва мулоқотга очиқлигини айтган.
Ўз навбатида, Владимир Зеленский “ҳеч қанақа Минск-3” бўлмаслигини маълум қилган. Боз устига, Ғарб мамлакатлари Киев жанговар ҳаракатларни давом эттиришини хоҳлашмоқда ва унга қурол-яроғ етказиб бериб, украиналик ҳарбийларни ўз ҳудудида жангга тайёрлашмоқда.