ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Хитой ва Бразилия юанда савдо-сотиқ қилиш тўғрисида битим имзолади ва ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Хитой савдо вазири ўринбосари Го Тинтин Пекиндаги Хитой-Бразилия бизнес форумида маълум қилди.
“Бразилия билан юанда тўлов бўйича келишув имзоланди, бу савдомизни сезиларли осонлаштиради. Биз озиқ-овқат ва фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқчимиз, Хитойдан Бразилияга ва Бразилиядан Хитойга юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини қидирамиз”, — деди Тинтин. Унинг сўзларидан “Folha de Sao Paulo” нашри иқтибос келтирган.
Чоршанба куни Бразилия ва Хитой клиринг палатасини ташкил этганини эълон қилди. Ҳисоб-китоб клиринг палатаси — икки давлат ўртасида миллий валютада операциялар ва кредитлар бериш имконини берувчи банк муассасаси. Бу билан мамлакатлар ўртасидаги транзакция арзонлашади ва долларга бўлган қарамлик камаяди.
Хитой 2010 йилдан бери Бразилиянинг энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. 2022 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми рекорд даражада — 150 миллиард долларга етган.
Россия президенти Владимир Путин ўтган ҳафта Хитой раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокараларда Россия Россия ва Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари ўртасидаги ҳисоб-китобларда юандан фойдаланиш тарафдори эканини айтган эди.