Самарқанддаги парранда фабрикасида рўй берган портлаш оқибатида икки киши жароҳат олди

Каттақўрғон туманидаги парранда фабрикасида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги парранда фабрикасида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Ҳодиса 30 март куни соат 10:40 ларда туманнинг "Мелихўжа" МФЙда жойлашган парранда фабрикасида кузатилган. Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлган.
Вазирликнинг аниқлик киритишича, ҳодиса оқибатида вафот этганлар йўқ. Икки нафар фуқаро енгил тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган.
Воқеа жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, прокуратура ҳамда "Ҳудудгазтаъминоти" масъуллари иш олиб боришмоқда.
Ҳозирда воқеа сабаби ва зарар миқдори аниқланмоқда.