ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Масс-медиа фонди Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда метро бекатлари ва вагонларида аёлларнинг зўравонликка қарши ёрдам сўраб қилган мурожаатларини радиотўлқинлар шаклида акс эттирган баннер ва постерларни жойлаштирди. Бу ҳақда фонд матбуот хизмати хабар берди.
Баннер ва постерларда аёл-қизларнинг уларга нисбатан зўравонлик вақтидаги нолалари, овоз тўлқинлари эквалайзерини англатувчи адрас безаклари кўринишида тасвирланган.
Баннерларда QR кодлар ҳам мавжуд бўлиб, хотин-қизлар ёрдам ҳақида улар орқали батафсил маълумот олишлари мумкин.
“Инсонларнинг фикрлаши ўзгармагунча ва жамият томонидан зўравонлик маданиятнинг бир қисми эмас, балки жиноят эканлиги тушуниб етилмагунча қонунлар тўлиқ ишламайди. Зўравонликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Зўравонлик – маданиятимизга бегона”, - дейилади хабарда.
Маълумот учун, Nolalar.com – бутун Ўзбекистон жамоатчилигининг эътиборини аёлларга нисбатан зўравонликдан огоҳ бўлиш, унинг олдини олиш ва асоратларини енгиллаштириш учун яратилган лойиҳадир.