ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Жиззах вилоятида қуввати 1000 МВтгача бўлган шамол электр станцияларини қуриш имкониятларини ўрганиш бўйича Англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Меморандум Энергетика вазирлиги ва Хитойнинг “China Huadian Overseas Investments”, “CNEEC” (China National Electric Engineering Company) ва “SANY Renewable Energy” компаниялари ўртасида имзоланди.
“Компаниялар томонидан станция қуриш бўйича қурилиш майдонига чиқиб ўрганиш ишлари тез кунларда бошланади”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, компаниялар Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида келишувлар имзолашнинг тартиблари юзасидан ҳам ўрганишлар олиб боришади. Ўрганишлар натижасига кўра, шамол электр станцияси қурилиши бўйича томонлар бош келишувни имзолайди.
Таъкидланишича, мазкур меморандум доирасида Хитой компаниялари томонидан Ўзбекистонга 1 млрд доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилади.