Ўзбекистон Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони билан ҳамкорликни йўлга қўяди

Учрашувда Ўзбекистон ҳудудлари ва ШУАР ўртасидаги ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 март куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони (ШУАР) Компартияси Партия қўмитаси котиби Ма Синжуй бошчилигидаги ХХР делегацияси билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон ҳудудлари ва ШУАР ўртасидаги ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ҳудудларида Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокида қайта тикланувчи энергетика, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, саноат парклари ва қишлоқ хўжалиги кластерларини ташкил этиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари эътибор марказида бўлди.
Учрашув аввалида Ма Синжуй ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини ҳамда Хитой раҳбари лавозимига қайта сайлангани муносабати билан йўлланган самимий табриклар учун миннатдорлик билдирди.
Учрашувда ўтган йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтган саммитнинг сермаҳсул натижалари катта мамнуният билан қайд этилди.
“Ўзбекистон – Қирғизистон - Хитой” темир йўлини қуриш лойиҳасини жадаллаштиришда икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.
Тошкент, Самарқанд ва бошқа вилоятларнинг Шинжон-Уйғур автоном райони билан, шу жумладан савдо, логистика, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, туризм ва таълим соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги айтилди.
Мирзиёев ўзаро мулоқот ва алмашинувни фаоллаштириш, ташриф ва бизнес форумларини ташкил этиш, устувор лойиҳа ва дастурларни илгари суриш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан топшириқлар берди.