Ўзбекистон "ташриф қоғози” ишлаб чиқилади

Ўзбекистоннинг бой маданияти ва туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш учун 100 миллиард сўм ажратилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Бу йил Ўзбекистоннинг бой маданияти ва туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш йили бўлиши керак. Бу ҳақда туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев таъкидлади.
Йиғилишда Ўзбекистонда ҳозирги туризм мавсуми қисқалиги, уни узайтириш бўйича салоҳият жуда катта экани таъкидланди.
Тошкент, Жиззах вилоятларида қишки мавсумда – тоққа чиқиш, чанғи учиш майдонларини, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ёзги мавсумда – чўмилиш масканларини ташкил этиб, туристик мавсумга яна икки ой қўшиш мумкинлиги айтилди.
Шу муносабат билан тегишли вазирликлар ва мутасаддиларга фестивал ва маданият тадбирларини кўпайтириш, қишки, экологик туризмни ривожлантириш, қўриқхона, табиат боғлари ва табиат ёдгорликлари имкониятидан фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.
Ички туризм бўйича муаллимлар ва тиббиёт ходимлари учун алоҳида дастурни тасдиқлаб, уларнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳати ва дам олишларини ташкил қилишни бошлаш топширилди.
Бу йил Ўзбекистоннинг бой маданияти ва туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш йили бўлиши кераклиги таъкидланди. Бунинг учун 100 миллиард сўм ажратилди.
Шунингдек:
“Ўзбекистон ташриф қоғози”ни ишлаб чиқиб, туризм брендини янгилаш;
хорижий телеканалларда “Ўзбекистон ташриф қоғози”ни эфирга узатиш;
АҚШ, Хитой, Араб давлатлари, Япония, Корея, Франция, Германия, Буюк Британия, Малайзия, Россия, Қозоғистон каби мамлакатларнинг йирик шаҳарлари гавжум кўчаларидаги экранларда “Ўзбекистон туризм бренди” ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш;
миллиардлик обуначилари бор интернет платформаларида Ўзбекистон ҳақидаги реклама роликларини кўпайтириш топширилди.