ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Москвадаги Ўзбекистон элчихонасида янги Констиутцияни қабул қилиш бўйича бўлиб ўтадиган референдумга бағишланган брифинг бўлиб ўтмоқда.
Унда тўпланган матбуот вакилларига Ўзбекистонда 30 апрель куни бўлиб ўтиши режалаштирилган умумхалқ референдуми ҳақида батафсил маълумот берилмоқда.
Ушбу референдумда Ўзбекистоннинг хорижий давлатларда яшаётган фуқаролари ҳам овоз бериш имконига эга. Бунинг учун чет эл давлатларидаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарида 55 та овоз бериш пунктлари очилади, жумладан, Россия Федерацияси ҳудудида 7 та овоз бериш пункти ташкил этилади.
Конституция ислоҳоти
Ўзбекистонда 2023 йилда конституциявий ислоҳот ўтказиш режалаштирилган. Ушбу мақсадда 2022 йилда Meningkonstitutsiyam.uz ва бошқа платформалар ёрдамида аҳолидан 220 мингдан ортиқ Бош қонунни такомиллаштиришга қаратилган фикр ва мулоҳазалар жамланган эди.
Кейинчалик улар халқаро ва маҳаллий экспертлар ёрдамида умумлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Янги Қонун лойиҳаси бир неча ой давомида муҳокама қилинганидан сўнг жорий йилнинг март ойида Олий Мажлис қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди ва умумхалқ референдумини ўтказиш 2023 йил 30 апрель кунига белгиланди.