Футбол: сентябрда Ўзбекистон Болгарияга қарши ўйнайди

Сречко Катанец шогирдлари сентябрь ойида Болгарияга қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сентябрь ойида Болгарияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ( ЎФА) матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, ўзбекистонлик футболчилар сентябрь ойида Софияда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказади. Бу йиғин давомида Сречко Катанец қўли остидаги жамоа Болгарияга қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади. Ўйин 6 сентябрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси март ойидаги ФИФА кунларида иккита ўртоқлик ўйинини ўтказди. “Оқ бўрилар” Боливия жамоаси устидан 1:0 ҳисобида устун келган бўлса, Венесуэла билан эса дуранг ўйнашди (1:1).