МРБ собиқ маслаҳатчиси: АҚШ “покер”да Путинга ютқазмоқда

АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ маслаҳатчисининг фикрича, Москва ва Пекин Ваштингтонни тор-мор этиш учун биргаликда ишламоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Вашингтон геосиёсий покерда Москва ва Пекинга ютқазмоқда. Бу ҳақда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ – CIA) собиқ маслаҳатчиси Жеймс Рикардс “Daily Reckoning” нашри учун ёзган мақоласида маълум қилди.

“Россия президенти Владимир Путин ва ХХР етакчиси Си Цзиньпиннинг учрашуви олий даражадаги шунчаки навбатдаги музокаралардан кўра аҳамиятлироқ бўлган. Бу АҚШни иккинчи ўринга суриб қўяётган янги дунё тартиби шарафига уюштирилган ўзига хос базм бўлди”, - дейилади мақолада. Ундан РИА Новости иқтибос келтирган.

Муаллифнинг таъкидлашича, бўлиб ўтаётган воқеалар мазмунини англашнинг энг оддий усули – покердан метафора сифатида фойдаланиш.
“Уч иштирокчи (АҚШ, Россия ва Хитой) ўйнаётган покер ўйинини тасаввур қилинг. Ўйинчиларнинг эски нақли бор: агар сиз стол атрофида ўтириб, омадсиз ким эканини билмасангиз... демак у сиз”, - дея ёзади МРБ собиқ маслаҳатчиси.

Рикардснинг фикрича, ҳар қандай уч томонлама мусобақада иккита томоннинг учинчи томонни тор-мор этиш учун биргаликда ишлаши аҳамиятли. Москва ва Пекин эса айнан шу билан шуғулланмоқда.
Хитой раҳбари Си Цзиньпин 20-22 март кунлари давлат ташрифи билан Россияда бўлди, бу унинг учинчи муддатга давлат раҳбари лавозимига қайта сайланганидан сўнг хорижга илк сафари бўлди. 20 март куни Хитой Халқ Республикаси раиси Россия президенти Владимир Путин билан норасмий учрашув ўтказди, 21 март куни эса делегациялар иштирокида Россия-Хитой музокаралари бўлиб ўтди.
Ташриф доирасида 2030 йилгача Россия-Хитой иқтисодий ҳамкорлигининг асосий йўналишларини ривожлантириш режаси бўйича қўшма баёнот имзоланди.