ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Хитой АҚШни демократия деган баҳона билан бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашишни тўхтатишга чақиради. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нин таъкидлади.
“Хитой “демократия учун саммит” деб аталмиш масала бўйича ўз позициясини бир неча бор билдирган. АҚШ ўзининг кўплаб камчиликларига эътибор бермай, яна “демократия учун саммит”ни гўёки демократия шиори остида ўтказмоқда”, - деди Мао Нин.
Унинг таъкидлашича, “бугунги дунёга демократия номидан бўлинишлар яратиб, бир томонлама ҳаракатлар сиёсатини илгари суриш эмас, балки ҳақиқий кўп томонламаликни қўллаб-қувватлаган ҳолда, БМТ Низомининг мақсад ва тамойиллари асосида бирдамлик ва ҳамкорликни кучайтириш керак”.
“Бугунги дунёга демократия баҳонасида бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашиш эмас, балки ҳаётга ҳақиқий демократияни татбиқ қилиш, сохта демократиядан воз кечиш ва халқаро муносабатларни демократлаштиришга кўмаклашиш керак”, - деди дипломат.
Унинг таъкидлашича, “бугунги дунёга қарама-қаршиликни келтириб чиқарадиган “демократия учун саммит” эмас, балки халқаро ҳамжамият олдида турган муаммоларни ҳал қила оладиган бирдамлик ва ҳамкорлик керак”.
“Биз АҚШни бошқа давлатларга ишора қилишни тўхтатишга ва демократия деб аталмиш баҳона остида бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашишни тўхтатишга чақирамиз”, - дея қўшимча қилди Мао Нин.
Ташаббусчилари қаторида АҚШ ҳам бўлган биринчи демократия саммити 2021 йил декабрь ойида бўлиб ўтган. Иккинчи саммит 28-30 март кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.