Ўзбекистонда помидор нархи янги рекорд ўрнатди

Жорий йилнинг 17 мартидан 24 мартигача қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 28 минг сўмдан 36 минг сўм/кгга ошган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Ўзбекистонда иссиқхона помидорларининг нархи рекордларни янгилашда давом этмоқда - сўнгги ҳафтада қизил юмалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархи 29 фоизга ошди. Бу ҳақда East Fruit таҳлилий платформаси маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 17 мартидан 24 мартигача қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 28 минг сўмдан 36 минг сўм/кг га ошди, яъни, бир ҳафта ичида 28,6 фоизга. Охирги уч ойда ушбу маҳсулот нархининг жадал ўсиши ҳисобга олинса, жорий йил бошидан 24 мартгача Ўзбекистонда қизил думалоқ помидорнинг улгуржи нархлари 2,4 баравар ошди.

2023 йил 24 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 1,8 баравар ва 2020-2021 йилларнинг шу санасига нисбатан 2,4 баравар юқори бўлган.
2023 йил 24 март ҳолатига кўра, ушбу мамлакатларда қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи (1 кг учун АҚШ долларида): Ўзбекистон - 3,16 доллар; Польша - 2,79 доллар; Украина - 2,60 доллар; Тожикистон - 2,29 доллар; Молдова - 1,61 доллар; Грузия - 1,16 доллар.
EastFruit март ойи ўрталарида Ўзбекистонда помидор нархининг тез кўтарилишининг асосий сабаби январь ойидаги аномал совуқ пайтида иссиқхоналарда ҳосилнинг катта йўқотилиши эканлигини ёзган эди. Бундан ташқари, ушбу экиннинг вегетация даврини ҳисобга олган ҳолда, бозор иштирокчилари яқин вақт ичида ушбу маҳсулот нархининг пасайиши эҳтимоли йўқ деб ҳисоблашмоқда.
Ўтган ҳафтада пушти иссиқхона помидорлари нархи ҳам кўтарилди, аммо ўсиш суръати қизил думалоқ иссиқхона помидорига қараганда анча паст эди. 17 мартдан 24 мартгача пушти иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 33 минг сўмдан 36 минг сўм/кг га ошди, яъни, 9,1 фоизга. 2023 йил 10 февралдан 24 мартгача пушти иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 1,8 бараварга ошди.