Ўзбекистонда 11 млрд $га тенг хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган

Ҳудудларда 23 миллиард долларлик 12 мингта янги лойиҳа, шу жумладан, 3 мингдан зиёд саноат лойиҳалари ишга туширилиши белгиланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Ўзбекистонда шу йилнинг ўзида қарийб 11 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича йиғилишда маълум қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ҳудудларда 23 миллиард долларлик 12 мингта янги лойиҳа, шу жумладан, 3 мингдан зиёд саноат лойиҳалари ишга туширилиши белгиланган.
Мутасаддиларнинг ҳисоботига кўра, йил бошидан 764 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилган, 1 минг 300 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилган. Экспорт 3 миллиард долларни ташкил қилган.
Давлат раҳбари бу натижалар етарли эмаслигини, дунёдаги ҳозирги мураккаб вазиятда икки карра кўпроқ ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлади.
Президент ишга тушадиган лойиҳалар ижросини ҳудудлар ва тармоқлар кесимида кунлик назорат қилиб, муаммоларни ҳал қилиб бориш зарурлигини қайд этди.

“304 та йирик ва 3 мингта ҳудудий лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида шу йилнинг ўзида 10 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва 200 миллион долларлик экспорт қилиш имкониятлари мавжуд”, - дейилади хабарда.

Ташқи бозорларни доимий таҳлил қилиб, янги бозорларни ўзлаштириш, янги транспорт йўлакларини топиш бўйича кўрсатмалар берилди. Рақобат кучайиб бораётган айни пайтда маҳсулотлар сифатини ошириш ва таннархини тушириш муҳимлиги қайд этилди.
Маълумот учун, мамлакатда сўнгги йилларда чет эл корхоналари 5 мингтадан 16 мингтага кўпайди. Экспорт қилувчи корхоналар сони беш йилда 4 минг 500 тадан 7 минг 200 тагача ошган. Экспорт қилинаётган маҳсулот турлари ҳам 1 минг 500 тадан қарийб 3 мингтагача ошиб, географияси 139 та мамлакатдан 164 тага етди. Тайёр маҳсулот экспорти 2 бараварга, уларнинг товарлар экспортидаги улуши 50 фоиздан 65 фоизга ошди.