Ўзбекистон жамоат транспорти ишини ташкиллаштиришда Россия тажрибасини ўрганади

Ўзбекистон делегацияси транспорт соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун Москвага ташриф буюрди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати жамоат транспорти ишини ташкиллаштириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича мутахассисларни тайёрлашда Россия тажрибасини ўрганади. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
Қайд этилишича, республика Президенти администрацияси ва қатор идоралар вакиллари делегацияси Москвага транспорт соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун борган.

“Ташриф мақсади Россия жамоат транспорти тажрибасини ўрганиш, йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасида вазирликлар ўртасида тажриба алмашишдир”, - деган Ўзбекистон Транспорт вазирлиги вакили.

Ўзбекистон томони, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича мутахассисларни тайёрлаш бўйича Россия таълим муассасалари билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўймоқчи.
Ташриф доирасида "Мосгортранс" ДУК, Москва ҳукумати йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази, Россия Ички ишлар вазирлигига ташриф буюриш, IT-компаниялар ва ўқув юртлари раҳбарлари билан учрашув режалаштирилган.
“Учрашувлар асосида жамоат транспорти тизими ва йўл ҳаракати хавфсизлигини тартибга солувчи миллий қонунчиликни такомиллаштириш, автомобиль йўлларини рақамлаштириш, йўл инфратузилмасини ташкил этиш бўйича мутахассисларни жалб этиш ва ходимларни ушбу йўналишларда ўқитиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилади”, - дейилади хабарда.