ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Тошкентда туризм бўйича ўтказилган халқаро конференцияда янги инновацион лойиҳа татбиқ этилиши маълум бўлди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар бермоқда.
Татбиқ этилиши кутилаётган MOST лойиҳасининг умумий мақсади - Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда барқарор туризмнинг янги ва мақбул структураланган моделини илгари суриш ҳисобланади.
Лойиҳа доирасида истеъмолчиларнинг барқарор истеъмол тўғрисидаги хабардорлигини оширишга ёрдам берадиган сиёсатни режалаштириш ва амалга оширишда минтақавий ва маҳаллий ҳокимият органларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари, кичик ва ўрта корхоналар ҳамда барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмол бўйича якуний фойдаланувчилар ўртасида мулоқотни кучайтириш режалаштирилган.
Ўзбекистонда лойиҳани амалга оширувчи ташкилот ХСТУ – Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси ҳисобланади.
MOST лойиҳаси доирасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон сайёҳлик ташкилотлари қуйидаги имкониятлардан фойдаланишга муваффақ бўлади:
туризм корхоналарида экологик менежмент, барқарор маркетинг мавзулари бўйича ўқув курсида иштирок этиш;
экологик сертификатлаштириш мақсадида маълумотларни бошқариш учун дастурий технологияларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш;
ҳудудий туризм объектлари ва маҳаллий нуқталарда янги моделда ишлаш принципи яратиш, туристик саноат модернизациясини жадаллаштириш;
давлат ва хусусий секторларда халқаро лойиҳанинг аҳамиятини ошириш.
Қайд этилишича, эндиликда Ўзбекистон Switch Asia дастури ҳамда MOST лойиҳаси доирасида Қозоғистон ва Тожикистон билан туризм ҳамкорлигини янада кучайтиради.
Тошкентда “Барқарор туризм моделини ривожлантириш - туризм салоҳиятини ошириш йўли” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Европа, Осиё, Грузия, Россия ва бошқа мамлакатдан вакиллар иштирок этишди.