ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Россия Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси Элла Памфилова Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раҳбари Зайниддин Низомхўжаевнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган конституциянинг янги таҳрири бўйича референдумни мониторинг қилишда иштирок этиш таклифини қабул қилди, деб хабар берди Россия МСК.
"Ботиржон Асадов (Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси - таҳр.) Россия Марказий сайлов комиссияси раисига Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раҳбари Зайниддин Низомхўжаевнинг референдумни халқаро кузатишда иштирок этиш таклифини етказди. Элла Памфилова таклифни миннатдорлик билан қабул қилди", — дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, Элла Памфилова ва МСК марказий қўмитаси аъзоси Павел Андреев душанба куни Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов билан учрашув ўтказган. Унда Асадов МСК раисига Россияда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг овоз беришини ташкиллаштиришда кўмаклашиш сўрови билан мурожаат қилган.
“Албатта, Россия Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссияларидаги ҳамкасбларимиз мамлакатимиз ҳудудида Ўзбекистон фуқароларининг овоз беришини ташкил этишда барча зарур ёрдамни кўрсатади”, — деди Памфилова.
Маълумот учун, Ўзбекистон МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг айтишига кўра, Ўзбекистоннинг янги конституцияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ референдумида овоз бериш учун 39 та хорижий давлатда 55 та стационар сайлов участкаларида амалга оширилади. Улардан еттитаси Россияда ташкил этилади.
Муддатидан олдин овоз бериш 19-26 апрель кунлари бўлиб ўтади.
Конституция ислоҳоти
Ўзбекистонда 2023 йилда конституциявий ислоҳот ўтказиш режалаштирилган. Ушбу мақсадда 2022 йилда Meningkonstitutsiyam.uz ва бошқа платформалар ёрдамида аҳолидан 220 мингдан ортиқ Бош қонунни такомиллаштиришга қаратилган фикр ва мулоҳазалар жамланган эди.
Кейинчалик улар халқаро ва маҳаллий экспертлар ёрдамида умумлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Янги Қонун лойиҳаси бир неча ой давомида муҳокама қилинганидан сўнг жорий йилнинг март ойида Олий Мажлис қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди ва умумхалқ референдумини ўтказиш 2023 йил 30 апрель кунига белгиланди.