ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. НАТО давлатлари ўзларининг асосий мақсади – Россияни жанг майдонида мағлуб этиб, кейин уни парчалаб ташлаш эканини яширмай, Украинадан битта катта ҳарбий лагер яратди. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев таъкидлади.
“Аслида, НАТО давлатлари можаро тарафидадир. Улар Украинадан йирик ҳарбий лагерь яратди. Улар Украина қўшинларига қурол ва ўқ-дорилар жўнатмоқда, уларни разведка маълумотлари билан таъминламоқда”, - деди Патрушев “Российская газета”га берган интервьюсида.
Унинг қўшимча қилишича, НАТО инструкторлари ва маслаҳатчилари украиналик ҳарбийларни тайёрлайди, ёлланма аскарлар эса неонацист батальонлари таркибида жанг қилади.
“Ушбу ҳарбий қарама-қаршиликни иложи борича чўзишга уриниб, улар ўзларининг асосий мақсадлари – Россияни жанг майдонида мағлубиятга учратиш ва уни парчалаб ташлаш эканини яширишмаяпти”, — деди Патрушев.
Россия 2022 йил 24 февраль куни Украинада махсус ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Россия президенти Владимир Путин бу операциянинг мақсади "саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирланган ва геноцидга учраган ДХР ва ЛХР фуқароларини ҳимоя қилиш" деб атаган.
Бунинг учун Украинани демилитаризация (ҳарбий инфратузилмаларини йўқ қилиш) ва денацификация (миллатчилик ғояларидан тозалаш) қилиш талаб этилади. Шунингдек, Қуролли Кучлар олдида Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлаш турибди.