ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов маълум қилди.
Унга кўра, педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар кучайтирилмоқда. Жумладан, умумий ҳолатда бирор шахсни мажбурий меҳнатга жалб этиш 30 млн сўмгача (базовий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 100 баравари) жаримага сабаб бўлса, эндиликда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш 45 млн сўмгача (БҲМнинг 150 баравар) жарима билан жазоланиши мумкин.
Жиноят кодексида ҳам педагогларга қарши ҳаракат учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди ва жазо кучайтирилди.
Яъни педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун, агар худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 45 млн сўмдан 60 млн сўмгача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.
Шунингдек, таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Эндиликда бу қилмиш учун фуқароларга 2,1 млн сўмдан 4,5 млн сўмгача жарима, мансабдор шахсларга эса 3 млн сўмдан 6 млн сўмгача жарима белгиланмоқда.
Илгари педагогнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш учун фақат жарима жазоси белгиланганди. Эндиликда ушбу қилмишни такроран содир этган мансабдор шахсларга 15 суткагача маъмурий қамоқ белгиланиши мумкин
"Фақат илм, таълимни ривожлантириш орқали биз буюк давлат қура оламиз. Фақат илмлиларгина буюк ишларга қодир. Барча устозларимизга ушбу янгилик муборак бўлсин. Энди сиз қонун ҳимоясидасиз.”, - дея ёзди Алламжонов ўзининг Telegram-каналида.