ТОШКЕНТ, 26 мар — Sputnik. Россия танкларининг умумий сони Украинадаги танклар сонидан уч баравар кўп бўлади, деди Россия президенти Владимир Путин.
“Россиянинг ҳарбий-саноат комплекси жуда тез суръатларда ривожланмоқда - кўпчилик кутмаган суръатда... Ва шу вақт ичида Россия саноатининг ўзи уч баравар кўп, ҳатто уч баравардан ҳам кўпроқ ўқ-дориларни ишлаб чиқаради”, - деди Путин “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, уруш оловини ёқувчилар Украинага 400 дан ортиқ танк жўнатмоқчи.
“Бу вақт ичида биз янгиларини ишлаб чиқарамиз, мавжудлари ҳам модернизация қилинади, 1600 дан ортиқ танклар, РФ танкларининг умумий сони эса Украина Қуролли кучлари танклари сонидан уч баравар, ҳатто уч баравардан ҳам кўпроқ бўлади”, - дея қўшимча қилди Путин.
Россия 2022 йил 24 февраль куни Украинада махсус ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Россия президенти Владимир Путин бу операциянинг мақсади "саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирланган ва геноцидга учраган ДХР ва ЛХР фуқароларини ҳимоя қилиш" деб атаган.
Бунинг учун Украинани демилитаризация (ҳарбий инфратузилмаларини йўқ қилиш) ва денацификация (миллатчилик ғояларидан тозалаш) қилиш талаб этилади. Шунингдек, Қуролли Кучлар олдида Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлаш турибди.