Референдум — 2023

Референдумни ўтказувчи округ комиссиялари аъзолари учун семинар ташкил этилди

Семинар-тренинг сўнгида иштирокчиларга сертификатлар ҳамда референдум ўтказувчи округ комиссияларига гувоҳнома ва муҳрлар топширилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 мар — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи округ комиссияларининг аъзолари учун ўқув семинар ташкил этилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.
“Жорий йилнинг 24-25 март кунлари Марказий сайлов комиссияси томонидан Референдум ўтказувчи комиссия аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси асосида Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи округ комиссияларининг аъзолари учун ўқув-семинарлари ташкил этилди”, - дейилади хабарда.
Машғулотларда референдумни ташкил этиш ва ўтказишда округ ва участка комиссияларининг ўрни, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, хорижий кузатувчилар билан мулоқотнинг эътиборли жиҳатлари, овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатини шакллантириш ва ушбу рўйхатлар билан ишлашда округ комиссиялари олдида турган вазифалар, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, референдум кунига тайёргарлик, овоз бериш якунларини аниқлаш каби мавзулар муҳокама этилди.
Таъкидланишича, семинар-тренинг сўнгида иштирокчиларга сертификатлар ҳамда референдум ўтказувчи округ комиссияларига гувоҳнома ва муҳрлар топширилди.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдуми 2023 йил 30 апрель – якшанба куни ўтказилади.