“Ташаббусли бюджет” лойиҳасига Face ID орқали овоз бериш тизими жорий этилади

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги барча маҳаллалар аҳолиси учун лойиҳаларни амалга оширишда тенг имкониятлар яратиш мақсадида бир қанча техник ва услубий ечимлар ишлаб чиқмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига Face ID орқали овоз бериш тизими жорий этилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, йирик маҳаллалар аҳоли сони юқори бўлганлиги сабабли овоз беришда устунликка эга бўлиш ҳолатлари мавжуд.
Овоз беришда тенгсизликка йўл қўймаслик, шунингдек, барча маҳаллалар аҳолиси учун лойиҳаларни амалга оширишда тенг имкониятлар яратиш мақсадида вазирлик томонидан бир қанча техник ва услубий ечимлар ишлаб чиқилмоқда.
Жумладан:
FACE ID ёрдамида идентификация қилиш механизмини жорий этиш. Бунда, тасдиқланган фойдаланувчилар томонидан берилган овозлар СМС орқали берилган 5 ёки 10 овозга тенглаштирилиш;
кам сонли аҳоли яшайдиган маҳаллалар аҳолиси томонидан илгари сурилган лойиҳалар учун кўпайтириш коэффициенти жорий этиш амалиёти кўриб чиқилади.
Бунда, кичик маҳаллалар лойиҳаларига катта маҳаллалар аҳолиси ташаббуси билан тенг шароитларда рақобатлашиш имконияти яратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, ташаббуслар учун овоз беришнинг шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлашга қаратилган бошқа таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 18 март куни “Ташаббусли буджет” лойиҳасининг 1-мавсум доирасида овоз бериш жараёни бошланди. Аввалроқ овоз бериш жараёнида иштирок этиш тартиби ҳақида маълум берилган эди.