ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан давлат мулкини хусусийлаштиришни тезлатишга қаратилган янги дастур қабул қилинди. Бу ҳақида 24 март куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум бўлди.
Хусусийлаштириш дастури
Бугун давлатимиз раҳбарининг қарори билан хусусийлаштириш дастури тасдиқланди. Унда учта йўналишда – акция, кўчмас мулк ва IPO бўйича хусусийлаштириш режалари белгиланган, — дейилади хабарда.
Биринчидан, бир мингта корхонадаги давлат акция пакетлари сотувга чиқарилади.
Иккинчидан, 1 мингта кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга қўйилади. Уларда 600 гектар ер ва 1 миллион квадрат метрли бино-иншоотлар мавжуд. Энг муҳими, инфратузилма билан таъминланган ва аҳоли пунктларига яқин. Ушбу объектларни сотишни тезлаштириш учун мулкларни сотишга тайёрлаш муддати ҳозирги 80 кундан 48 кунга қисқартирилади. 2 минг квадрат метргача бўлган объектларни тадбиркорларнинг мурожаати асосида тўғридан-тўғри савдога чиқаришга рухсат берилади.
Учинчидан, 40 та йирик корхона ва банклардаги давлат улуши “халқчил IPO” орқали сотилади. Жумладан, илк бор Навоий ва Олмалиқ комбинатлари, Металлургия комбинати, “Ўзтелеком”, Миллий банк, Саноатқурилишбанк каби йирик корхоналарнинг ўртача 2 фоиз акциялари аҳолига таклиф этилади. Бунда аҳолига акцияларни тўғридан-тўғри сотиб олиш имконияти яратилади. Акциялари сотилган корхоналар беш йил давомида соф фойдасининг камида 30 фоизи дивиденд тўлашга йўналтиради.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур дастур самарасида жорий йилда 13 триллион сўм тушум таъминланади, 3 мингта янги корхона ташкил этиш ва 50 мингта иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлади.
Хусусийлашган мулклар самарадорлиги ошмоқда
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда хусусийлаштириш бир неча баробар тезлашди. Хусусан, ўтган 10 йилда 1,2 триллион сўмлик давлат активлари сотилган бўлса, 2022 йилнинг ўзида бу кўрсаткич 11,3 триллион сўмга етди, яъни олдинги йилларга қараганда 10 карра кўп.
Иккинчидан, хусусийлаштириш – иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириб, мулкдорлар кўпайишига йўл очади. Хусусийлашган мулклардан фойдаланиш самарадорлиги ошади.
Мисол учун:
Андижон тажриба синов заводи (бунгача бир неча йил ишламаган) негизида 18 миллион доллар инвестиция ҳисобига тўқимачилик корхонаси ташкил этилиб, мингта иш ўрни яратилган, 40 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган
Қўқон суперфосфат заводини хорижий инвестор олиб, 40 миллион доллар инвестиция киритган, ишлаб чиқариш ҳажмини 4 бараварга оширган.
“Ипотека банк” 324 миллион долларга ва “Кока-кола” компаниясидаги давлат улуши 252 миллион долларга сотилгани ҳам охирги йиллардаги энг йирик битимлар бўлди.
Вазият ҳамма жойда бир хил эмас
Бу борадаги ишлар ҳамма жойда ҳам бир маромда кетмаяпти. Масалан, Тошкент вилоятида 112 та объект сотилиб, уларнинг негизида 150 та тадбиркорлик субъекти ва мингдан зиёд янги иш ўрни пайдо бўлган.
Лекин Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Сирдарёда ўтган йили савдога чиқарилган мулкларнинг 30 фоизи ҳам сотилмаган.
Тармоқлар кесимида айтганда, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси таркибидаги мулкларнинг хусусийлаштирилиши суст.
Умуман, жорий йил бошида 30 мингдан ортиқ давлат объектида ўтказилган хатлов бу борада ишлар ҳали кўплигини кўрсатган.
Янги қабул қилинган хусусийлаштириш дастури ушбу муаммоларни тезроқ ҳал қилишда ёрдам бериши керак. Мутасадди ташкилот вакиллари ва давлат корхоналари раҳбарларига дастурни самарали амалга ошириш бўйича керакли кўрсатмалар берилди.