ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Дунёда тоза ичимлик суви танқислиги йилига 1,4 миллионга яқин инсоннинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Бу хақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТ ва ЮНИСЕФ томонидан эълон қилинган ҳисоботга таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, дунё бўйича 2 миллиард одамнинг тоза ичимлик суви, 3,6 миллиард кишининг санитария-гигиена воситаларидан фойдаланиш имконияти чекланган. Шу икки омил йилига 1,4 миллионга яқин инсоннинг ўлимига сабаб бўлмоқда.
Ҳатто миллионлаб болалар ва катталар совун каби оддий гигиена воситасидан фойдаланиш кўникмасига эга эмас. Қатор соғлиқни сақлаш муассасаларида сув, дезинфекция воситалари ва спиртли эритмалар йўқ.
Қолаверса, мутахассислар канализация тармоқлари етишмаслиги ҳалокатли оқибатларга сабаб бўлишидан огоҳлантирмоқда.
Қўшма ҳисоботда ҳукуматларга сув ва канализация учун давлат харажатларини ошириш ҳамда бу соҳада инновацион ечимларни жорий этиш тавсия этилган.