ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Ўзбекистон Беларусь пойтахтида бўлиб ўтаётган халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида иштирок этмоқда.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Sputnik мухбирига маълум қилишича, китобхонлар Тоғай Мурод, Тоҳир Малик, Муҳаммад Юсуф каби ижодкорларнинг асарларига қизиқиш билдирмоқда.
Минск шаҳрида "Чегараларсиз китоб олами" XXX Минск халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.
Анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган тадбирда бу йил 20дан ортиқ мамлакатдан китоб савдо, матбаа корхонаси, нашриётлар, шу жумладан, Ўзбекистон нашриёт ва китоб савдо ташкилоти иштирок этмоқда.
XXХ Минская международная книжная выставка-ярмарка
© БЕЛТА
Ўзбекистондан 10 га яқин нашриётнинг турли жанр ва йўналишдаги 100 дан ортиқ китоби намойиш этилмоқда.
“Кўргазмада Тоғай Мурод, Тоҳир Малик, Муҳаммад Юсуф каби ижодкорларнинг асарларига қизиқиш билдирилмоқда. Шунингдек туризм, миллий таомлар, Ўзбекистон тарихига оид асарлар, жадидлар тўплами, бадиий адабиётлар ва уларнинг дизайнига ҳам қизиқиш бор”, - дейилади хабарда.
Минск халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси 26 мартга қадар давом этади.