Қамчиқда нефть ташишга мўлжалланган юк автомобили ағдарилиб кетди

Юк автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва йўл ўртасидаги бетон тўсиққа урилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. А-373 автомобиль йўлининг Қамчиқ довони қисмида “Тошкент – Водий” йўналишида ҳаракатланган нефт ташишга мўлжалланган махсус юк автомобили йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, юк автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва йўл ўртасидаги бетон тўсиққа урилган. Натижада юк автомобилига ортилган битум маҳсулоти ерга тўкилган. Ёнғин содир бўлмаган.
Зудлик билан воқеа жойига ФВВнинг 3 та махсус техникаси етиб борган. Ҳодиса оқибатлари бартараф этилган.
Вазирлик ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқлигини қўшимча қилган.
Довонда автомобилларнинг икки томонлама хавфсиз ҳаракати давом этмоқда.