ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли дин ва жамоат арбобларидан Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари билдирилган қутловлар келмоқда, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ўз табригида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган Қозоғистон-Ўзбекистон стратегик шериклиги ва иттифоқчилиги бундан буён ҳам икки қардош халқларнинг фаровонлиги йўлида жадал ривожланиб боришига ишонишини билдирган.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров жорий йил икки давлат учун тараққиёт йили бўлишига ишонишини маълум қилган. “Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муштарак маънавий қадриятлар, дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган кўп қиррали муносабатлар изчил ривожланаверсин”, - дея тилак билдирган Жапаров.
Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон ўз табригида икки мамлакат янги орзу-ниятлар билан, Наврўзнинг ўчмас қадриятларига амал қилган ҳолда, стратегик шериклик ва иттифоқчилик доирасида яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини бундан буён ҳам кенгайтириб бориши ва ривожлантиришига ишончи комиллигини таъкидлаган.
Туркманистон етакчиси Сердар Бердимуҳамедов эса Наврўз халқларни яқинлаштиришда муҳим ўрин тутиши ва икки давлат ўртасидаги ишончли муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилишини қайд этган.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев “бой маънавий меросга эга қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида ҳамда шериклигимиз ва ҳамжиҳатлигимизни асраб-авайлаш, доимо мустаҳкамлаб бориш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттиришимизга ишончим комил” дея табрик йўллаган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбарига Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Саудия Арабистони валиаҳди Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум, шунингдек, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған, Грузия президенти Саломе Зурабишвили, Ироқ президенти Абдуллатиф Рашид ва бошқалар табрик йўллаган.