Мисрдан Ўзбекистонга айрим ўсимлик намуналарини олиб кириш вақтинчалик тақиқланди

Миср Араб Республикасидан Ўзбекистонга олиб келинган узум қаламчаси партияси намуналарида касаллик аниқланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Мисрдан Ўзбекистонга олиб келинган ўсимлик маҳсулотлари экиш материалларида карантиндаги вируслар аниқланди. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, Миср Араб Республикасидан Ўзбекистонга олиб келинган узум қаламчаси партияси намуналарида Grapevine вирус А (GVA) - Ток клостеровируси (ток А вируси) ва Grapevine leafroll-associated viruses (GLRAV-3) - ток баргларининг бужмайиш касаллиги аниқланган.
Фитосанитария талабларига кўра, токнинг экин материаллари ўсимликлар карантини объектларидан холи бўлиши ҳамда ўсимликлар карантини объектларидан холи ҳудудда етиштирилган бўлиши лозим.
Мисрнинг вирус аникланган ҳудудидаги кўчатхоналарида етиштирилган экиш материалларини импорт қилишга вақтинчалик тақиқ ўрнатилди.