Сайёралар паради: ўзбекистонликлар уни қачон ва қаерда кўришлари мумкин?

Сайёралар паради 28 март куни бўлиб ўтади. Уни Ўзбекистоннинг очиқ жойлари ва кўп қаватли уйларнинг юқори қаватларидан кўриш мумкин бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Март ойининг сўнгги кунларида Ер аҳолисини ноёб астрономик ҳодиса кутмоқда. Улар бешта сайёранинг бир чизиққа тизилишига гувоҳ бўлишади. Бу ҳақда Астрономия институти илмий котиби Игорь Ибрагимов Sputnik мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.
Сайёралар паради 28 март куни бўлиб ўтади. Шу куни Юпитер, Меркурий, Венера, Уран ва Марс ғарбий осмонда саф тортади.
Ушбу ҳодисани 28 мартдан бир неча кун олдин ва кейин ҳам кузатиш мумкин.
Мутахассиснинг фикрича, бу томошани қуёш ботганидан кейин очиқ жойларда ёки кўп қаватли уйларнинг юқори қаватларидан ҳеч қандай муаммосиз кўриш мумкин.
Венера энг яхши кўринади, Уран ва Марсга дурбин ёки телескоп керак бўлади.
Маълумот учун, бундай сайёралар паради охирги марта 2012 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган. Кейингисини 2040 йилда кузатиш мумкин бўлади.