ТОШКЕНТ, 16 мар - Sputnik. Ҳозир дунёда Учинчи жаҳон уруши кетмоқда, фақат унинг шакли бошқача, деди РИА Новости нашрига берган интервьюсида Сурия президенти Башар Асад.
Мухбирнинг "бугунги Украина можароси Учинчи жаҳон урушига олиб келиши мумкинми" деган саволига Асад қуйидагича жавоб берди:
"Менимча, Учинчи жаҳон уруши аллақачон кетмоқда, лекин унинг шакли бошқача. Олдинги замонларда бир неча давлат армиялари бир-бирига қарши тўғридан-тўғри уруш олиб борган. Бугун ҳам вазият худди шундай, лекин замонавий ушлаб туриш қуроллари мавжудлиги, айниқса ядро қуроли борлиги туфайли уруш - прокси-урушга айланган. Яъни Зеленский ўзининг миллатчи армияси билан Ғарб томонида туриб курашмоқда. Сурияда ва бошқа мамлакатларда Ғарб томонида туриб курашаётган террорчилар ҳам худди шундай уруш олиб бормоқда", - деди Асад.
Маълумот учун, Сурия президенти Башар Асад 15 март куни Москвага амалий ташриф билан келган эди. Украина можароси бошланганидан сўнг бу араб республикаси раҳбарининг Москвага биринчи ташрифи бўлди. Ташриф доирасида Асад Россия президенти Владимир Путин билан учрашиб, унга ер қимирлаши оқибатларини бартараф этишда ёрдам бергани учун Сурия халқи номидан миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Асад Россия олиб бораётган махсус операцияни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.