ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Тожикистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашувини ўтказишга тайёргарлик бошланди. Тадбир 14-15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади, деб хабар берди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги.
“Тожикистон Республикаси Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувини ўтказиш бўйича комплекс тайёргарлик ишларини бошлади. Шу муносабат билан мамлакат президенти топшириғига биноан Республика бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигида барча вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат Ташкилий қўмита тузилди”, - дейилади хабарда.
Маслаҳат учрашуви Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон раислигида ўтказилади. Саммитда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Бешинчи юбилей маслаҳат учрашуви якунлари бўйича бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган бўлиб, уларнинг асосийси Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Қўшма баёнотидир.