ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Ўзбекистоннинг “Наврўз” ансамбли Италиядаги “Internazionale Del Folklore” фестивали гран-присини қўлга киритди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Италиянинг Агридженто шаҳрида 5-12 март кунлари “Internazionale Del Folklore” 65-халқаро фестивали бўлиб ўтди. Танловда дунёнинг 29 давлатидан 52 фольклор жамоалари иштирок этди.
Эътиборлиси, фестиваль ташкил этилганидан буён илк бор унинг саҳнасига Марказий Осиё давлатларидан гуруҳлар кириб келди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Давлат филармониясининг “Наврўз” ашула ва рақс ансамбли “Лазги” рақсини ижро этди.
Ансамбль ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган Хоразм лазги рақсини ижро этгани учун фестивалнинг бош совринини қўлга киритди.
Ҳакамлар ҳайъати санъаткорларнинг ажойиб хореографияси ва чиройли саҳна либосларини алоҳида эътироф этди.