ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. "Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг тўлиқ матни эълон қилинди. Лойиҳа матни Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган.
Ҳужжатга кўра, референдум 2023 йил 30 апрель – якшанба куни ўтказилади.
Референдумда овоз бериш бюллетенига қуйидаги матндаги масала киритилади:
“Сиз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини қабул қиласизми?”.
Энди Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чораларни кўради.
Ўзбекистон Республикаси референдумида қабул қилинган қонун Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум якунлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Конституциявий қонун матни билан meningkonstitutsiyam.uz сайти орқали танишиб чиқиш мумкин. Шунингдек, қонун лойиҳаси “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарининг бугунги сонида эълон қилинди.