ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Ўзбекистонда доривор ўсимликлар ишлаб чиқариш ҳажми 4,7 фоизга оширилади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда уларни етиштириш майдонлари сезиларли даражада кенгайиб, доривор ўсимликларни тижорат асосида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи фермерлар/тадбиркорлар сони ортиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, 2023 йил февраль ҳолатига кўра, мамлакатда доривор ўсимликлар етиштириладиган умумий майдон 17,3 минг гектарни ташкил этади.
2022 йилда мазкур плантацияларда 19,1 минг тонна доривор ўсимликлар етиштирилди, доривор ўсимликлар етиштирувчи хўжалик юритувчи субъектлар сони 235 тани ташкил этди.
2023 йилда доривор ўсимликлар етиштириш учун 17,7 минг гектар ер ажратиш режалаштирилган.
Бу майдонларда жами 20 минг тонна доривор ўсимликлар, жумладан, 16 минг тонна қизилмия, 1,3 минг тонна капари, 700 тонна ферула, 600 тонна ёввойи гул ва 1,4 минг тонна бошқа доривор ўсимликлар етиштириш режалаштирилган.
Шундай қилиб, 2023 йилда Ўзбекистонда доривор ўсимликлар ишлаб чиқариш ҳажми 2022 йилдаги 19,1 минг донага нисбатан 20 минг тоннага, яъни 4,7 фоизга ошади.
2026 йилга бориб доривор ўсимликлар етиштириш майдонларини 36 минг гектарга етказиш режалаштирилган бўлиб, 2022 йил 1-сентябрдан доривор ўсимликлар етиштирувчи ва қайта ишловчиларга бир қатор имтиёзлар тасдиқланган.
Улар орасида: ер солиғи, даромад солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаларини 50 фоизга камайтириш, суғориш учун қудуқларни бурғулаш учун субсидиялар, имтиёзли кредитлар, экспортга жўнатилганда транспорт харажатларининг 50 фоизигача компенсация ва бошқа имтиёзлар мавжуд.
Расмий статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 112 турдаги доривор ўсимликлар илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган бўлиб, улардан 70 тури фармацевтика саноатида фаол қўлланилади.