Покистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси ўз вазифаларини бажаришга киришди

Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов янги элчидан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Аҳмед Фаруқ Покистоннинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов маълум қилди.
"Покистоннинг янги тайинланган Элчиси Аҳмед Фаруқ Жаноби Олийлари билан учрашдик ва ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олдик. Янги лавозимда уларга улкан муваффақиятлар тилаймиз", — деб ёзади Саидов ўзининг Telegram’даги каналида.
Унинг қайд этишича, сўнгги вақтларда икки томонлама муносабатлар мисли кўрилмаган суръатларда ривожланиб, Ўзбекистон ва Покистонни янада яқинлаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалги муддатда Покистоннинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида Саййид Ғилоний фаолият олиб борган эди.
Бахтиёр Саидов 3 февраль куни ўз миссиясини якунлаётган Саййид Ғилоний билан учрашиб, унга Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклигини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирганди.