ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Амур вилояти губернатори Василий Орлов Осиё минтақаси мамлакатларига авиақатновлар очиш вариантларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Амур вилояти ҳукуматига асосланиб, РИА Новости ёзмоқда.
Таъкидланишича, вилоят ҳукуматида халқаро авиаташувчиларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Амур вилояти губернатори эпидемиологик вазият барқарорлашаётганини, шу муносабат билан саёҳатчилар ҳам фаоллашаётганини таъкидлаган.
“2023 йилда нафақат ички, балки халқаро линияларда ҳам янги йўналишлар вариантларини ишлаб чиқиш зарур. Ҳозирда энг истиқболли йўналиш Осиё мамлакатлари ҳисобланади”, - деди Орлов.
Таъкидланишича, ҳозир расмийлар Благовешенскни Хитой, Вьетнам, Таиланд ва Ўзбекистон аэропортлари билан боғловчи йўналишларни яратиш вариантларини кўриб чиқмоқда. Хорижий ва Россия авиакомпанияларига бир қатор йўналишлар бўйича мунтазам парвозларни ташкил этиш ҳақида таклифлар аллақачон юборилган. Қайд этилишича, уларнинг баъзилари парвозларни йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини билдирган.