ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Ғарб сиёсатчилари ва оммавий ахборот воситаларининг ҳаракатлари бутун дунёнинг Ғарбга қарши бирлашишига олиб келади, деб ёзди Франциянинг "Халқ республикачилар иттифоқи" партияси раҳбари Франсуа Асселино Twitter’да. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
"Агар инсоният икки асрдан кейин ҳам мавжуд бўлса, 2223 йил тарихчилари бизнинг давримиздаги сиёсий раҳбарлар ва йирик Ғарб оммавий ахборот воситаларининг масъулиятсизлигидан ҳайратда қолади. Улар ўзларининг такаббурлиги ва кўрлиги билан бутун дунёни Ғарбга қарши бирлаштиради", — деб ёзди сиёсатчи.
Асселино Ли Шанфунинг Хитой мудофаа вазири этиб сайланишини изоҳлар экан, бу Пекин томонидан "АҚШ санкцияларига нисбатан аччиқ жавоб" эканини айтди.
Эслатиб ўтамиз, якшанба куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Ли Шанфуни Хитой мудофаа вазири этиб тасдиқлади. АҚШ Молия вазирлиги 2018 йилда Россия билан ҳарбий ҳамкорлик туфайли вазирга қарши санкциялар киритган эди.
Ли Шанфу Сичан космодромида 30 йилдан ортиқ ишлаган, жумладан, ўн йил давомида унинг директори бўлган. 2016-2017 йилларда Хитой Халқ-озодлик армиясининг стратегик қўллаб-қувватлаш кучлари қўмондони ўринбосари, 2017-2022 йилларда эса Марказий ҳарбий комиссиянинг қўшинларни тайёрлаш ва таъминлаш бўлимига раҳбарлик қилган.