Агар яна бир-икки йил қаттиқ ишласак, Сурхондарёда жуда катта ўсиш бўлади – Мирзиёев

Сурхондарёда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга жорий йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 триллион сўмга қўшимча 465 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Термиз шаҳрида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари сўзининг аввалида вилоят аҳлига чуқур ҳурматини билдириб, воҳа аҳли турли соҳа ва тармоқларда улкан натижаларга эришаётганини таъкидлади.
Йиғилишда ҳудуд ривожининг бугунги ҳолатига тўхталиб ўтилди. Охирги беш йилда вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 15 мингдан зиёд корхона ишга тушган. Янги қурилган “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2” микро гидро электр станцияларида йилига 201 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилмоқда.
Шунингдек, 257 та мактаб қурилган ва реконструкция қилинган, боғчалар қамрови 18 фоиздан 62 фоизга етган. 302 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 1 минг километр халқаро ва 3 минг километр ички йўллар таъмирланган.
“Агар яна бир-икки йил қаттиқ ишлаб, халқимизга астойдил хизмат қилсак, Сурхондарёда жуда катта ривожланиш, ўсиш бўлади”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда маҳаллаларга оилавий тадбиркорликни олиб кириш ва касаначилик орқали 60 мингдан зиёд аҳолини, янги бизнес субъектлари ташкил қилиш орқали 4 минг аҳолини, ишсизларни замонавий касбларга ўқитиб, 20 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.
Йиғилишда энергетика масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Сариосиё туманидаги Тўпаланг гидро электр станцияси ҳамда янги 3 та кичик ва микро ГЭСда шу йилнинг ўзида 350 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шеробод туманида 457 Мегаватт қувватли йирик қуёш электр станцияси ишга туширилади.
Умуман олганда, Сурхондарёда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга жорий йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 триллион сўмга қўшимча 465 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Шунингдек, аграр соҳа, ичимлик суви ва тадбиркорлик лойиҳаларига қўшимча 328 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.
Булар орқали 325 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаб, Сурхондарёни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилиб қўйилди.