ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Самарқандда UNWTO Бош ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказишга доир қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълум қилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси томонидан Самарқандда БМТ Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессиясини юқори даражада ўтказишга доир қарор қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, у жорий йил 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилади.
Қайд этилишича, Бош ассамблея доирасидаги тадбирларда қатнашадиган чет эллик меҳмонлар учун Самарқанд ҳақидаги умумий маълумотларга эга махсус қўлланма ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Сессияда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бири – Шаҳрисабз шаҳри “2024-йил Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти” мақоми учун номзод сифатида тақдим этилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон 2021 йилда Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган UNWTO Бош ассамблеясининг 24-сессиясида ташкилотнинг юбилей 25-сессиясига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган.