ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонлик мигрантларга огоҳлантириш билан чиқди.
Таъкидланишича, сўнгги вақтларда Россияда ишлаётганўзбекистонликлар орасида интернет орқали катта пул эвазига маҳсулотларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бериш ҳақидаги эълонлар бўйича муаммолар юзага келмоқда.
Қайд этилишича, норасмий курьерлик хизматларида наркотик ёки тақиқланган моддалар солинган буюртмаларни етказиб бериш таклиф қилинмоқда. Бунинг оқибатида улар полиция ходимлари томонидан ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилмоқда.
“Шу муносабат билан, юртдошларимиздан норасмий курьерлик хизматларида ишламасликни, катта миқдордаги пул эвазига шубҳали буюмларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бермасликни ёки маҳсулотни албатта текширишни сўраймиз”, - дейилади хабарда.
Россия қонунчилигига кўра, наркотик моддаларни сотиш ёки етказиб бериш учун узоқ муддатли қамоқ жазоси белгиланган.