ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари И.М. Сеченов номидаги биринчи Москва Давлат тиббиёт университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.
Мулоқот чоғида талабаларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ёшлар сиёсати, жумладан, тиббиёт соҳасида ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар, асосий қонунга киритилаётган ўзгартишларнинг моҳияти ва аҳамияти, уларнинг ижтимоий йўналиши, киритиладиган ўзгартиришлар умумхалқ референдуми орқали амалга оширилиши ҳақида ҳам фикр юритилди.
Дипломатлар талабаларнинг консуллик ва ҳуқуқий кўмак олишлари имкониятлари ҳақидаги маълумотларни ўртоқлашди.
Шунингдек, университетнинг халқаро алоқалар бўйича проректори Денис Бутнар билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида университетда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшларнинг юқори илмий кўрсаткичлари ва уларнинг университет томонидан олиб борилаётган лойиҳаларга фаол жалб этилаётгани қайд этилди.