Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Узоқ Шарқдаги телеканалларда тарғиб қилинади

Приморск ўлкасида вақтинча ишлаётган ўзбекистонликлар ҳаётига бағишланган видеороликлар тайёрлаш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консуллиги ходимлари Узоқ Шарқ минтақасидаги етакчи “ОТВ Приморье” ва “АСТВ” телеканаллари мутасаддилари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.
Учрашувда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва ушбу ҳудудлардан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида теледастурларни ҳамкорликда тайёрлаш ва эфирга узатиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Приморск ўлкасида вақтинча ишлаётган ва ҳудуд тараққиётида ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ўзбекистонликлар ҳаётига бағишланган видеороликлар тайёрлаш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
“ОТВ Приморье” ва “АСТВ” телеканаллари вакиллари Ўзбекистон бугунги кунда россиялик сайёҳлар учун энг муҳим туристик манзиллардан бирига айланганини билдиришди. Россия томонига кўра, Ўзбекистонда яратилган юқори даражадаги туризм инфратузилмаси хорижий сайёҳларни жалб қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Учрашув якунида Россия ҳудудларидан Ўзбекистонга сайёҳлар сонини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган туркум кўрсатувларни тайёрлаш ва эфирга узатиш бўйича келишиб олинди.