ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Бутунхитой халқ вакиллари конгресси АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилган 65 ёшли генерал Ли Шанфуни мудофаа вазири лавозимига тасдиқлади.
Ли Шанфу Мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимида 69 ёшли Вэй Фэнхэнинг ўрнини эгаллади.
Ли Шанфу Сичан космодромида 30 йилдан ортиқ ишлаган, жумладан, ўн йил давомида унинг директори бўлган. 2016-2017 йилларда Хитой Халқ-озодлик армиясининг стратегик қўллаб-қувватлаш кучлари қўмондони ўринбосари, 2017-2022 йилларда эса Марказий ҳарбий комиссиянинг қўшинларни тайёрлаш ва таъминлаш бўлимига раҳбарлик қилган.
2018 йилда АҚШ молия вазирлиги генералга қарши санкциялар киритди. Бунга Россия билан ҳарбий ҳамкорлик, жумладан, Россия самолётлари ва С-400 ракета тизимларини сотиб олиш бўйича келишувлар сабаб бўлган. Кузатувчиларга кўра, бу факт ҳарбий соҳада АҚШ-Хитой алоқаларини анча ноқулай ҳолатга тушириши мумкин.