ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия Федерациясида ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига мурожаат билан чиқди.
Қайд этилишича, сўнгги вақтларда Россия Федерациясида ишлаётган меҳнат мигрантлари орасида банк хизматлари билан боғлиқ турли фирибгарликларга дуч келиш ҳолатлари юз бермоқда.
Хусусан, қариндошларига пул ўтказиш мақсадида мобил иловадан фойдаланиш жараёнида меҳнат мигранти ҳисоб рақамидан пул ечиб олиш ёки унинг номига юқори фоизли кредитлар расмийлаштириш каби муаммолар учрамоқда.
Таъкидланишича, ушбу ҳолатлар бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қатор суриштирув ишлари бошланган.
Шу муносабат билан, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларидан банк хизматларидан, хусусан, пул ўтказиш тизимларидан фойдаланишда эҳтиёткор бўлиш, шахсий маълумотларни ҳеч кимга маълум қилмаслик сўралмоқда.