Ош тузини қандай танлаш керак – эксперт тавсияси

Ўзбекистонда 22 номдаги ош тузлари етарли даражада йодланмагани маълум бўлди. Ош тузи қандай талабларга жавоб бериши керак, йод етишмовчилиги, сифатсиз ош тузлари тўғрисида - Sputnik Ўзбекистон материалида.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Ош тузи инсон учун муҳим озиқавий модда саналади. Чунки шифокорларнинг тавсияларига кўра, организмдаги моддалар алмашинувини нормаллаштириш учун кунига бир чой қошиқ — 5 грамм туз истеъмол қилиш лозим. Бундан ташқари, йод танқислиги касаллигининг олдини олиш учун ҳам йодланган ош тузи жуда муҳим ва зарур.
Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва аҳолига сотиладиган ош тузлари албатта йодланиши керак. Бу йод етишмовчилиги касалликларини олдини олишга қаратилган тадбирлардан биридир. Инсон организмида йоднинг етишмаслиги оқибатида қалқонсимон без касалликлари юзага келади. Ишлаб чиқариш жараёнида йод билан бойитиш бундай оқибатларни бартараф этиш усулларидан бири ҳисобланади.
Sputnik Ўзбекистон мухбири ош тузини қандай танлаш кераклиги тўғрисида Тошкент вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бўлим бошлиғи Зафар Карабаев ва Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Нодира Алиханова билан суҳбатлашди.

Ош тузини қандай танлаш керак?

Зафар Карабаевнинг таъкидлашича, йодланган ош тузи олий навли O'zDSt 1091:2017 тозаланган, эрувчан, сочилувчан кристалл, бегона таъмсиз, шўр, ранги оқ бўлиши керак.
“1 000 граммдан бошлаб туз норматив ҳужжатларга мувофиқ полимер пачка ёки пакет қутиларга қадоқланиши, унда ишлаб чиқарган ташкилотнинг номи, товар белгиси, махсулот номи, унинг нави ва янчилиш даражаси, ишлаб чикарилган санаси, яроклилик муддати, йодлаш қўшимча номи, йод улуши кўрсаткичи бўлиши шарт. Айнан мана шу талабларга жавоб берадиган ош тузларини истеъмол қилиш тавсия этилади”, — деди мутахассис.
Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Нодира Алиханова давлат стандарти талабларига кўра, ош тузи таркибида йод миқдори тоннасига 40 грамм миқдорда бўлиши белгилаб қўйилганини маълум қилди.
“Ош тузларининг сақланиш ҳарорати 28 даражадан ошмаслиги лозим. Қотиб қолган, нам тортган, бегона ҳидларга эга бўлган, яроқлилик муддати ўтган, қадоқлари бузилган ош тузларининг фойдали хусусиятлари йўқолган бўлади. Бундай маҳсулотларни истеъмол қилмаслик тавсия этилади”, — деди у.

Сифатсиз ош тузлари

Яқинда 22 номдаги ош тузи талабга жавоб бермайди, деб топилди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси амалдаги талабларга номувофиқ деб топилган ош тузлари номларини маълум қилди.
Қўмита истеъмолчиларга мурожаат қилар экан, озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда қуёш тиғида сақланмаганлигига эътибор қаратиш, ташқи қадоғидаги ахборотларнинг мавжудлиги ва мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлари санитария-эпидемиологик хулосаси билан танишиб чиқиб, сўнг харид қилишни сўраган.