Сардор Умурзоқов Қирғизистон бош вазири билан учрашди

Учрашувда расмийлар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 мар - Sputnik. Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров билан учрашди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда расмийлар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “синхрон соатлар”ни муҳокама қилдилар.
“Ишончим комилки, давлатларимиз раҳбарлари томонидан билдирилган ташаббус ва келишувларнинг амалиётга татбиқ этилиши чегарадош ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига мультипликатив самара беради, қўшимча инвестицияларни жалб қилади, транспортдан фойдаланиш имкониятини мустаҳкамлайди, янги иш ўринлари яратади ва пировардида аҳоли турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади”, - деди Ақилбек Жапаров.
Қирғизистон бош вазирининг сўзларига кўра, яқин келажакда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард доллардан ошиши мумкин.
“Бу мақсадга, жумладан, цемент, кўмир, рангли металлар, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотлари, кимёвий ўғитлар, маиший ва савдо ускуналари, фармацевтика маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш орқали эришиш мумкин”, - деди у.
Сардор Умурзоқов, ўз навбатида, келишувларни амалга ошириш учун бор куч-ғайратини ишга солишга тайёрлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Ақилбек Жапаров расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. У UzAuto Motors заводи ва республиканинг турли вилоятларидаги қатор тўқимачилик корхоналарида бўлди.