ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Россия Қуролли кучлари томонидан Брянск вилоятида уюштирилган терактга жавобан Украина ҳарбий инфратузилмасига кенг кўламли ракета зарбалари берилди, дейилган Мудофаа вазирлигининг махсус операциянинг бориши ҳақидаги ахборотида.
“Юқори аниқликдаги узоқ масофага учувчи ҳаво, денгиз ва қуруқликдаги ракеталар, жумладан “Кинжал” гипертовушли ракета тизими Украина ҳарбий инфратузилмасининг асосий элементларига, ҳарбий-саноат комплекси корхоналарига, шунингдек, уларни таъминловчи энергетика объектларига зарба берди”, — дейилган хабарда.
Ракета зарбалари билан душман дронлар базаси йўқ қилинди, Украина ҚК захира кучларини ўтказиш ва чет эл қуролларини темир йўл орқали ташиш тўхтатилди, шунингдек, ҳарбий техникани таъмирлаш ва ўқ-дорилар ишлаб чиқариш учун ишлаб чиқариш объектларини яроқсиз ҳолга келтирилди.
Бугун куннинг биринчи ярмида Украинанинг бир қанча ҳудудларидаги инфратузилма зарбаларга учради. Энергетика вазири Герман Галушченконинг таъкидлашича, Киев, Николаев, Харков, Одесса, Днепропетровск ва Житомир вилоятлари, шунингдек, Запороже вилоятининг Киев назорати остидаги қисмидаги объектлар ўққа тутилди. Украинанинг ДТЭК энергетика холдингининг хабар беришича, учта иссиқлик электр станцияси жиддий шикастланди.
Украина ОАВларининг ёзишича, портлаш овозлари Кривой Рог, Суми, Винница, Львов ва Иваново-Франковск вилоятларида ҳам эшитилди. Бутун мамлакат бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинди.
2 март куни эрталаб Украина диверсия-разведка гуруҳи Брянск вилояти Климовский тумани ҳудудига бостириб кирди. Ҳужумчилар камида иккита машинага қарата ўқ узишди, иккала ҳайдовчи ҳалок бўлди. Бундан ташқари, ўн ёшли бола жароҳат олди. Россия президенти Владимир Путин бу ҳужумни теракт деб атади. ФХХ маълумотларига кўра, жангарилар Украина ҳудудига сиқиб чиқарилган ва у ерда уларга артиллерия зарбаси берилди.