Яна икки вилоятда қуёш электростанциялари қурилади

Жаҳон банки кўмагида Ўзбекистонда янги қуёш электростанциялари ишга туширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Самарқанд ва Жиззах вилоятларида умумий қуввати 440 МВт бўлган қуёш электростанциялари ишга туширилади, деб хабар берди Жаҳон банкининг (ЖБ) Ўзбекистондаги расмий ваколатхонаси.
Хабарга кўра, ЖБ Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонда қуёш энергетикасини кенгайтириш-2 лойиҳасини амалга ошириш учун 12 миллион доллар миқдорида маблағ ажратишни маъқуллаган.
Маблағ ёрдамида Ўзбекистоннинг икки вилояти — Самарқанд ва Жиззахда умумий қуввати 440 МВт бўлган қуёш электростанцияларини ишга тушириш орқали энергия ишлаб чиқариш ҳажми оширилади.
Вилоятлардаги қуёш электростанциялари йилига 1,1 миллиард киловатт-соатгача қайта тикланадиган электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Уларнинг ишлаши натижасида йилига ўртача 110 минг тонна, бутун хизмат даври давомида жами 3,4 миллион тонна карбонат ангидрид эмиссиясининг олди олинади.
Банк "Ўзбекистон МЭТ" АЖ учун Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги станцияларнинг ҳар бири учун 6 миллион долларгача (умумий суммаси 12 миллион долларгача) банк кафолатларини тақдим этади.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳам энергетика соҳасида ҳамкорлик ривожланиб бормоқда.
Хусусан, Тошкент вилояти Бўстолиқ туманидаги Пскем дарёсида қуввати 400 МВт бўлган ГЭС қурилишида ҳам кўмак берилмоқда. Лойиҳага 788 млн доллар сарфлаш кўзда тутилган. Россиянинг “ВЭБ.РФ” ривожланиш корпорацияси қурилиш учун 75 млн доллар кредит ажратди. Пскем ГЭС 2026 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Янги ГЭС ишга тушганидан сўнг электр энергия ишлаб чиқариш қуввати бўйича Чорвоқ ГЭСидан кейин иккинчи ўринда бўлади. Сув омбори 500 миллион куб метр сиғимга эга, истеъмолчиларга сувни тўғри етказиб беришни имконини беради.