ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин 1990 йилларда Москвада ҳокимият тепасига плутократларни олиб келишга уринган Ғарб сиёсатчиларига мамлакатни қулатишга йўл қўймади. Бу ҳақда YouTube’даги "The Dive with Jackson Hinkle" каналига берган интервьюсида АҚШ денгиз пиёдалари корпуси разведка хизматининг истеъфодаги зобити Скотт Риттер айтиб ўтди.
Ҳарбийнинг таъкидлашича, СССР парчаланганидан кейин АҚШ янги давлатни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан "батамом яксон қилишга", унга олигархияни ўрнатишга ҳаракат қилди.
“Путин келиб: “Етар, бас, Россия оёққа туради” деди. У ўз ватанини жуда яхши кўради, Улуғ Ватан урушидаги ғалаба билан фахрланади, шунингдек, у янги Россияни яратмоқчи, унда Совет Иттифоқида мавжуд бўлган барча камчиликлар йўқ қилинади ", - деб тахмин қилди Риттер.
Зобитнинг сўзларига кўра, Владимир Путин мамлакат тарихидаги энг буюк ҳукмдорлардан бири сифатида эсда қолади.
Февраль ойида америкалик собиқ разведкачи Украинадаги махсус операция якунланганидан кейин Москва позициялари мустаҳкамланишини башорат қилганди. Унинг таъкидлашича, коллектив Ғарб Россия билан уруш бошлаш орқали катта хатога йўл қўйди, чунки бу қарор унга 1990 йиллардан бери мавжуд бўлган халқаро хавфсизлик соҳасидаги ноаниқликни бартараф этиш учун ажойиб имконият берди.