ТОШКЕНТ, 9 мар - Sputnik. Таниқли журналист ва шоир Акмал Тошев вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фозил Фарҳод маълум қилди.
“Қаторимиз кам бўлди, дўстлар. Шоир жўрамиз Акмал Тош омонатини топширди”, - деб ёзди Фозил Фарҳод Telegram каналида.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, шоир вафоти юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмокда.
Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, Тошевнинг ўлими "Юрак тампонадаси, ўпка артерияси аневризмасининг ёрилиши, юрак туғма нуқсони, юрак бўлмачалари дефекти"дан келиб чиққан.
Текшириш давом этмоқда.
Акмал Тошев 1985 йил 6 апрелда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Оқтош қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида бакалавр (2004-2008) ва магистратура босқичини (2011-2013) тамомлаган.
У “Инсон ва қонун” газетаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” журнали бирлашган таҳририятида ишлаб келаётганди.
Акмал Тошев бадиий ижод билан ҳам шуғулланган. Қатор марказий газета ва журналларда шеърлари чоп этилган. “Моҳият лаҳзалари” (2008), “Фариштали кунлар” (2011) номли шеърий тўпламлари нашр этилган. “Қашқадарё баёзи” (2007), “Ёшлар китоби” (2008) ҳамда “Олтин кўприк” (2010) альманахларига шеърлари киритилган.